Олимпияда ўйинларининг аҳамияти.

0
Олимпияда ўйинларининг аҳамияти.

Олимпияда ўйинларининг аҳамияти.

Олимпияда ўйинларининг аҳамияти.

Ўзбекистонда спортчи ва мураббийлар меҳнатини маънавий ва моддий рағбатлантиришга катта эътибор берилиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонлари таъсис этилди (1992 й.). шунингдек, Ўзбекистон  Республикаси Президентининг ташаббуси билан Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларга бериладиган “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони (1998 йилда) таъсис этилди.

Ўзбекистон спортчилари нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашиб, барча қийматдаги медалларни қўлга киритдилар. Ўзбекистон  Республикаси Президентининг Фармонлари билан Норвегиянинг Лиллихаммер, АҚШнинг Атланта, Австралиянинг Сидней шаҳарларида бўлиб ўтган Олимпия ва Осиё ўйинларида ҳамда жаҳон чемпионатларида мувоффақиятли қатнашган республика спортчилари ва уларнинг устозлари давлат мукофотлари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон  Республикаси Президенти Олимпия ўйинларида, жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришган мамлакат спортчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш  юзасидан қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Жумладан Олимпия ўйинларида биринчи ўринни эгаллаган спортчига 100 минг, иккинчи ўрин учун 50 минг ва учинчи ўрин учун 25 минг  АҚШ доллори миқдорида мукофотлар белгиланди. Мамлакат терма жамоа аъзоларига жаҳоннинг нуфузли мусобақаларига сифатли тайёргарлик кўриши учун исталган спорт иншоотларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек, бошқа шарт-шароитлар яратиб берилди. Ана шундай имкониятлар Ўзбекистон спортчиларининг Сидней ва Афина Олимпиадаларида мувоффақиятли қатнашишини таъминлади.

Мамлакатда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий баркамоллигини таъминлаш соғлом турмуш тарзига интилиш ва спортга меҳр-муҳаббатни ривожлантириш, жойларда болалар спортининг моддий базасини яратиш, аҳоли яшайдиган жойларда болалар спортининг моддий базасини яратиш, ҳамда спорт ускуналари ва жиҳозлари билан таъминлаш ишларини янада фаоллаштириш мақсадида, 2002 йилда “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилди”. Ўзбекистон  Республикаси Президенти Жамғарма ҳомийлик кенгашининг  раиси этиб сайланди. Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқори Кенгес раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари минтақавий филиаллар ҳомийлик кенгашларининг раислари этиб тайинландилар.

Спорт машғулотларига ўқувчиларни оммавий равишда, узлуксиз жалб қилишни ташкил этиш мақсадида, “Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида” 2003 йилда Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида мамлакатда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабаларининг  “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” мусобақаларининг ҳудудларда республика финал босқичларини ўтказиш режаси белгиланди.

Болалар учун спорт товарлари турларини кўпайтириш ҳамда минтақалар, мактабгача болалар муассасалари, мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари юртлари эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган. “Болалар спортини тарғиб қилиш ва болалар учун спорт товарлари ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг (2003 йил)  қарори қабул қилиниб, унинг асосида мамлакатда спорт кийимлари ва анжомларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жисмоний тарбия ва спортни оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш, унинг моҳиятини мамлакат аҳолисига кенг етказиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2003-йилда “Оммавий спорт тарғиботини янада кучайти-риш чора тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилиниб, унга биноан, Ўзбекистон телевидениесида махсус “Спорт” канали ташкил этилди.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир қонун, фармон ва қарорлар бу соҳанинг тез суръатлар билан тараққий этишига, халқаро майдонда Ўзбекистон нуфузи ва обрўсининг ошишига, қолаверса, аҳолининг, айниқса, ўқувчи-ёшларнинг спортга бўлган муносабатини ўзгартиришга   олиб келди. Мамлакатда соғломлаштириш ишлари барча ижтимоий ва ишлаб чиқариш соҳа муассасаларида жонланди, бошланғич спорт жамоаларининг ишлари фаоллаша бошлади.

Мамлакатда фаолият юритаётган 504 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаблалари  ва ихтисослашган болалар ва ўсмирлар олимпия заҳиралари мактаблари, 11 та олимпия ўринбосарлари билим юрти ҳамда 8 та Республика олий спорт маҳорати мактабида юқори малакали, истеъдодли спортчилар тайёрланмоқда. Малакали спортчиларни тайёрлаш билан бирга, оммавий спортни ривожлантиришда спорт жамоалари, федерациялар ва бошланғич спорт жамоалари, томонидан сезиларли ишлар амалга оширилди. 1991 йилда юртимизда 52 та спорт тури мавжуд бўлса, 2000 йилга келиб уларнинг сони 70 тага етди. Бугунги кунда амалда бўлган 70 та спорт туридан 25 тадан ортиғи барча ҳудудларда кенг ривож топиб, уларни оммалаштириш учун тегишли шароитлар яратилмоқда. Мазкур ишлар эвазига спорт билан шуғулланаётганларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Футбол, теннис, кураш, волейбол, баскетбол, гандибол, енгил атлетика билан шуғулланувчилар сони йилдан йилга тез суръатлар билан, айниқса, ёшлар орасида, оммавийлашиб бормоқда. Жумладан, 2003 йилда футбол билан шуғулланувчиларнинг сони 1992 йилдагига нисбатан 172 фоизни ташкил этди, кураш билан шуғулланувчилар эса 4,6 баробарига кўпайган. Таъкидлаш жоизки, барча ҳудудларда ана шундай ўсиш ҳолати кузатилмоқда.

Жойларда спорт турларининг жадал ривожланиши шуғулланувчилар сонининг мунтазам оширишига ва аҳолини оммавий тарзда қамраб оладиган турли мусобақаларнинг ташкил этилишига замин яратмоқда. Бу мусобақалар орқали ўқувчи-ёшлар, ноғиронлар, ишчи ва хизматчилар, барча ижтимоий қатламга мансуб аҳоли вакиллари спортга жалб қилинди. Ҳар йили умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи, академик лицей ўқувчилари, талабалар, ишчи ва хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот, мудофаа ходимлари ўртасида баскетбол ва волейбол бўйича “Камолот кубоги”, миллий спорт ўйинлари мусобақалари, харбий хизматга чақириладиган ёшлар ўртасида “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақалари, ноғиронлар ўртасида “Жасорат – ирода, ғалаба” мусобақалари, шунингдек, аёллар, қишлоқ ҳотин-қизлари спартакиадалари ва бошқалар мунтазам ўтказиб келиняпти. 2000 йилдан бошлаб узлуксиз спорт мусобақалари тизими асосида талабалар ўртасида “Универсиада” ва ўқувчиларнинг “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари ўтказила бошланди.

Ёш авлодни спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний камолга интилиш, Ватанга меҳр-муҳаббат, ўз юрти билан ғурурланиш руҳида тарбиялаш ишлари асосий йўналиш сифатида белгиланди. Ўзбекистонда болалар оммавий спортини ривожлантиришнинг таъминлаш мақсадида,  жойларда спорт муассасаларининг барпо этилиши, янгиянги спорт турларидан тўгараклар фаолиятининг йўлга қўйилиши, уларнинг тегишли жиҳозлар ва малакали спорт мураббийлари билан таъхминланиши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган болалар ва ўсмирлар сони йилдан-йилга ортиб боришига асос бўлмоқда.

Мамлакат Президенти бошчилигидаги “Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси”, Жамғарманинг ҳомийлик кенгаши ўз фаолиятини жойларда болалар жисмоний тарбия ва спортининг  моддий базасини шакиллантириш, аҳоли манзилгоҳларида замонавий болалар спорт комплекслари тармоғини барпо этишдан бошлади. Болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида, мамлакат ва ҳудудлар миқёсида спорт билан шуғулланаётган болалар ва ўсмирлар сони аниқланиб, илмий ва тиббий асослар ҳамда ҳудудларнинг табиий шароитлари ҳисобга олинган ҳолда, истиқболли спорт турлари ривожлантирила бошланди. Жамғарма орқали спорт иншооти қурилиши ва таъмирланиш ишлари йўлга қўйилди. Республикада тиббий ва илмий асосланган 2,8 мингдан ортиқ спорт тўгараклари ташкил қилиниб, уларга 85 мингдан ортиқ болалар жалб қилинди.

Болалар оммавий спорт маҳорати бўғиндаги тадбирлар, оммавий разрядлар кўрсаткичидан иккинчи спортнинг юқори маҳорати бўғинига, ўсмирёшлар спорти орқали тайёрланадиган 1-чи разрядли, спорт усталиги номзоди ва спорт устаси даражасига чиқиш имкониятларини яратди. Мамлакатда оммавий ва юқори спорт тизими доирасидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия ўринбосарлари коллежлари, Республика олий спорт маҳорати мактабларида юқори малакали ва истеъдодли, ўз Ватани шон-шуҳрати учун кураша оладиган спортчилар тайёрланиши йўлга қўйилди.

Малакали спортчиларни тайёрлашдаги бирламчи чора-тадбирлар Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ҳалқ таълими вазирлиги  ва Касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган 504 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида (БЎСМ) амалга оширилмоқда. Ёшлар, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида спортчилар малакали спорт  устозлари қўл остида ўқишдан ташқари вақтда спорт билан шуғулланиб, юқори билим ва спорт маҳоратига эга бўлганлар эса спорт коллежларига ўқишга қабул қилинадилар. Замонавий ўқув ва спорт базасига эга бўлган ана шундай спорт коллежлар Жиззах, Хоразм, Андижон, Фарғона шаҳарларида фойдаланишга топширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 17 январдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришнинг ташкилий асослари ва принципларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 27 сонли қарорига мувофик Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида футбол мактаб-интернатлари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 1999 йил 27 майдаги 271-сонли қарорига асосан вилоятлар марказларида олимпия ўринбосарлари коллежлари ташкил этилмоқда.

Болалар ва ўсмирлар ўртасида оммавий уч босқичли мусобақалардан ташқари ҳар йили 60 дан ортиқ спорт турлари бўйича мамлакат вилоят, туман биринчиликлари ўтказиб келинмоқда.

Мустақиллик ҳалқимизнинг миллий спорт ўйинларини қайта тиклаш ва халқаро майдонга олиб чиқиш имкониятларини беради. Мамлакатда 1992 йилдан буён миллий спорт турлари ва ҳалқ ўйинлари фестивали ўтказилиб, 1999 йилдан аёллар ўртасида ҳам “Тумарис” миллий спорт мусобақалари ва ҳалқ ўйинлари фестивали ўтказила бошланди. Мамлакатимиз раҳбариятининг доимий эътибори туфайли ҳалқимизнинг фахри бўлган ўзбек кураши халқаро майдонда тан олинди. 1992 йилдан Термиз, Бухоро, Урганч, Тошкент ва бошқа шаҳарларда ўзбек кураши бўйича Амир Темур, Баҳовуддин Нақшбанд, Ат Термизий, Бобур Мирзо, Паҳлавон Маҳмуд хотираларига бағишланган халқаро турнирлар ўтказилиб келинмоқда. Ўзбек курашининг янги қоидалари, янги кийими тасдиқланиб, 1992-йилда Жанубий Кореяда, 1993 йилда Канадада, 1994 йилда Японияда, 1995 йилда Ҳиндистонда, 1996 йилда Атлантада, 1998 йилда Монако ва Москвада ўтган халқаро турнирларда тарғиб қилиниб, илмий тизимга асосланган тарзда дунё миқёсига олиб чиқилди.

1998 йилда Халқаро кураш ассоциацияси ташкил этилиб, 1999 йилда Тошкент шаҳрида кураш бўйича биринчи, 2000 йилда Туркиянинг Анталия шаҳрида иккинчи, 2001 йилда Венгриянинг Будапешт шаҳрида учинчи, 2002 йилда эса Жаҳон чемпионатлари ўтказилди.

Шу билан бирга, белбоғли кураш, турон якка кураши, кўпкари–улоқ каби миллий спорт турлари ҳам халқаро спорт майдонларида муносиб ўрин эгаллай бошлади. Мазкур спорт турлари бўйича ҳам мамлакатда мунтазам равишда халқаро мусобақалар ташкил этилмоқда.

Узоқ тарихга эга бўлган миллий курашимиз умуминсоний қадриятларни ўзида акс эттириши, усулларининг бойлиги билан қисқа вақт ичида кўпгина мамлакатлар спорт жамоатчилиги эътиборини тортди. Мамлакатимиз Президенти ва спорт фаолари саъйи-ҳаракати туфайли халқаро миқёсда тобора оммалашиб бораётган спортнинг бу тури яқин келажакда Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон спортчилари энг йирик халқаро мусобақаларда Олимпиада ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Оисё чемпионатларида мустақил давлат вакили сифатида қатнашишдек улкан ва масъулиятли шарафга муяссар бўлдилар.

Мамлакат спортчилари халқаро спорт майдонларида мустақил Ўзбекистон байроғи остида илк бор 1992 йилда Барселонада ўтказилган Олимпиадада қатнашдилар. Ўша йилнинг ўзидаёқ 17 нафар вакилларимиз 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, спорт дунёсида катта имкониятларга эга бўлган янги давлатнинг салоҳиятини намойиш этдилар. 1992 йилда Манилада бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 100 дан ортиқ мамлакат вакилларини ортда қолдириб, жаҳон чемпиони Г.Каспаров бошчилигидаги Россия терма жамоасидан сўнг фахрли иккинчи ўринни эгаллагани катта воқеа бўлган эди. 1991 йилгача мамлакатимиздан фақат битта халқаро гроссмейстер Георгей Аъзамов етишиб чиққан бўлса, ўн олти йиллик мустақиллик даврида 10 нафар гроссмейстер  етишиб чиқди. Шунингдек, ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпиони деган шарафга мушарраф бўлган И.Ҳамрақулов, дунё рейгингида юқори ўринни эгаллаб турган 2004 йил Триполида ўтган жаҳон чемпионати ғолиби сифатида   шахмат тожини кийган Р.Қосимжонов каби истеъдодли шахматчилар ҳам етишиб чиқдилар.

Ўзбекистон спортчилари ёзги ва қишки Олимпия, биринчи Осиё ва Бутунжаҳон ўсмирлар ўйинларида ҳамда энг йирик халқаро мусобақаларда мувоффақиятли иштирок этиб, биргина боксчиларимиз орасидан 1 та Олимпияда чемпиони, 3 та олимпия ўйинлари совриндори, 3 та жаҳон чемпиони, 5 та жаҳон чемпионати совриндори, 5 та Осиё ўйинлари ғолиби, 13 та Осиё чемпиони, 3 та жаҳон Кубоги ғолиби, 1 та “Яхши ният” ўйинлари ғолиби етишиб чиққани ҳам бу фикрнинг тасдиғидир.

Ўзбекистонда халқаро спорт тадбирлари Мустақиликка қадар қарийб ўтказилмаган бўлса, сўнгги йилларда республикамиз энг йирик халқаро мусобақаларни юксак ташкилий даражада ўтказишга қодир бўлган мамлакат сифатида шуҳрат топди. Замонавий спорт иншоотларининг бунёд этилиши диёримизда энг йирик халқаро  мусобақаларни ўтказиш имкониятини бермоқда. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов ташаббуси билан Тошкентда биринчи марта Марказий Осиё ўйинлари ташкил қилиниб, мусобақалар  ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун 1994 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган теннис бўйича халқаро турнир 1999 ва 2000 йиллар якунларига кўра, Профессионал Теннисчилар Ассоцияси  (АТР) мақоми остида ўтказиладиган 77 халқаро турнирлар орасида ташкилий жиҳатдан энг яхшиси деб топилди.

Бундан ташқари юртимизда ўзбек кураши бўйича биринчи Жаҳон чемпионати, бокс, эркин кураш, юнон-рум кураши, шахмат, пауэрлифтинг ва самбо бўйича Осиё чемпонатлари, теннис, кураш, каратэ, эркин ва юнон-рум кураши, шахмат ва бошқа кўплаб спорт турлари бўйича анъанавий йирик халқаро турнирлар ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг моддий-техника базасини ривожлантириш юзасидан катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, Тошкент, Наманган, Жиззах, Фарғона, Бухоро, Хоразм, Андижон, Самарқанд, Гулистон ва бошқа шаҳарларда халқаро стандартларга жавоб берадиган қатор спорт мажмуалари қурилди.Тошкент шаҳридаги “Паҳлавон”, Жиззах шаҳридаги олимпия захиралари коллежи спорт мажмуалари ва бошқалар шулар жумласидандир. 2000 йилга келиб мамлакатимизда спорт иншоотлари сони 7407 тага етди ёки 1992 йилдагига нисбатан 19 фоизга кўпайди. Уларни бунёд этишда, айниқса, мураккаб спорт иншоотлари-стадионлар, сузиш ҳавзалари 100 тага ёки 87 фоизга ошди. Бундан ташқари, футбол майдонлари сони 2114 тага ёки 37 фоизга кўпайди. Асосийси, янгидан барпо этилган ёки реконструкция йўли билан қайта тикланган барча спорт соғломлаштириш масканлари замонавий лойиҳалар, шарқона услуб ва юқори самарадорлик асосида ташкил этилаётгани, барча спорт турлари бўйича техник малакаларни эгаллаш имконини берувчи воситалар билан жиҳозланаётгани таҳсинга лойиқдир.

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бундай амалий ишлар яқин келажакда янада натижалар бериши шубҳасиз.

Mavzular.

manba